Ўзбекистон – Қозоғистон: Тарих – қон-қардош, сиёсат иттифоқдош, иқтисод ҳамкор қилди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 14 апрель куни икки кунлик давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.
1991 йилнинг 16 декабрида Қозоғистон давлатчилиги тарихида янги саҳифа очилди. Ўша куни Қозоғистон халқи суверенитет, озодлик, дунёга очиқликни танлади. Бугун бу қадриятлар кундалик ҳаётнинг бир қисмига айланган. Мустақиллик йилларида Қозоғистон – ўз қиёфаси, хусусиятлари ва мавқеига эга бўлган, муваффақиятларга эришаётган давлатга айланди. 1997 йилда Қозоғистоннинг 2030 йилгача ривожланиш стратегияси қабул қилинган эди. 2013 йилдан бошлаб мамлакатда “Қозоғистон-2050” стратегияси мақсадларини ҳаётга татбиқ этиш бошлаб юборилди. Бу стратегиянинг асосий мақсади Қозоғистонни иқтисодиёти тараққий этган дунёнинг 30 та давлатидан бирига айлантиришдан иборатдир.
Истиқлол йилларида Қозоғистоннинг бозор иқтисодиётига ўтиши, фуқаролик жамияти барпо этиши учун барқарорлик, миллатлараро ва динлараро тотувликка эришилиши йўлида ҳуқуқий асослар яратилди. Бугунги кунда Қозоғистоннинг барча фуқаролари тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга. Этник, маданий ва диний хилма-хилликка қарамай, мамлакатда тинчлик ва сиёсий барқарорлик сақлаб қолинди. Қозоғистон 140 элат ва 17 конфессия вакилларининг уйига айланди.
Ўзбекистонда Қозоғистонга вақт синовидан ўтган ишончли қўшни сифатида қаралади. Қозоғистон ҳам мамлакатимизга ана шундай нуқтаи назар билан қарайди. Ўзбек ва қозоқ халқларини кўп асрлик қардошлик ришталари, муштарак тарих ва тақдир, маънавий ва маданий қадриятлар, ўхшаш тил ва менталитет бирлаштириб туради.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистонга давлат ташрифи арафасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАга берган интервьюсида таъкидлаганидек, “Мустақилликнинг илк кунларидан буён Қозоғистон ва Ўзбекистон елкама-елка қўл тутиб, мураккаб даврларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб, бир-бирининг муваффақиятларидан қувониб келмоқда. Халқларимиз ўртасида мамлакатларимиз тараққиётига эришишдек ягона мақсадга асосланган мустаҳкам ва ўзаро уйғун муносабатлар қарор топган. Давлатларимиз ўртасида стратегик шерикликни мустаҳкамлашда Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев асосий роль ўйнадилар. Миллат раҳнамоси яқин қўшнилар билан алоқаларни ривожлантиришга доимий равишда алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Шунинг учун мамлакатингиз Қозоғистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари сирасига киради. Биз халқларимизни янада яқинлаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни давом эттирамиз”.
Халқларимизнинг умумий тарихий меросини, шунингдек, уларнинг бугуни ва келажагини бир-биридан ажратиб бўлмайди. Биз ҳар доим ўзаро яқин бўлганмиз ва ҳамиша бир-биримизга суянамиз. Чунки, география бизни қўшни, тарих – қон-қардош, сиёсат – иттифоқдош, иқтисод эса – ҳамкор қилди. Мана шу жиҳатларнинг ҳаммаси бизларни бир-биримизга яқинлаштириб, бирлаштиради. Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш нафақат ўзаро ҳамкорликнинг узоқ муддатли истиқболлари, айни вақтда бутун Марказий Осиё минтақаси барқарорлиги ва равнақини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам алоҳида муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида Абадий дўстлик тўғрисида Шартнома имзоланган. Қатъий сиёсий ирода, яқин ҳамжиҳатлик, мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий база ҳамда конструктив ҳамкорлик борасида тўпланган катта тажриба натижасида бугун узоқ муддатга мўлжалланган кенг кўламли самарали ҳамкорлик учун барча зарур шароитлар ва асослар яратилган.
Қозоғистон Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий соҳадаги муҳим шерикларидан бири бўлиб, ўзаро савдо изчил ва барқарор ўсиб бормоқда. Транспорт ва транспорт коммуникациялари соҳасидаги ҳамкорлик ўзаро муносабатларнинг устувор йўналишларидир. Бу борада юкларни транзит қилиш ва етказиб беришни ташкил этишда тариф ва нотариф преференциялар бериш ҳамкорликнинг асосий жиҳатлари ҳисобланади. Икки мамлакат 2020 йилда ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказишни мақсад қилган.
14 апрель куни илк бор Туркистондан Самарқанд томон йўлга чиққан халқаро автобус йўловчилари Самарқандга етиб келди. Йўловчилар Туркистондаги “Олтин Ўрда” автовокзалидан Самарқанддаги “Самарқанд” автовокзалигача олиб борилади. Йўлда Чимкент ва Ўзбекистоннинг Гулистон ва Жиззах шаҳарларида тўхтаб ўтиш кўзда тутилган. Йўл ҳақи тўрт минг тенге (10 долларга яқин)ни ташкил қилади. Расмийларнинг фикрича, Туркистон ва Самарқанд ўртасидаги автобус қатнови мамлакатга келувчи сайёҳлар сонининг ортишига ҳисса қўшади.
2018 йилнинг 10 декабрь куни Туркистон-Тошкент ўртасида автобус қатнови йўлга қўйилган эди. Икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга бағишланган илк минтақалараро форум Чимкент шаҳрида 15 ноябрь куни бўлиб ўтган эди.
Икки мамлакат илмий ва таълим муассасалари ўртасида ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, ўқув-методик материаллар алмашиш борасида тўғридан-тўғри алоқалар йўлга қўйилган. Хусусан, 2006 йилда Хоразм Маъмун академияси билан Қозоғистон Республикаси Таълим ва фан вазирлигининг Р.Сулаймонов номидаги Шарқшунослик институти ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланган.
Қозоғистонда Ўзбекистон йили юксак даражада ўтди. Қозоғистонда халқларимиз, илм-фан, маданият, таълим муассасалари, тадбиркорлик тузилмалари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қаратилган 200 дан зиёд тадбир ташкил этилди.
Мамлакатларимиз маданият ва санъат соҳасида фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Мисол учун, ўзбекистонлик халқ усталари Қозоғистон пойтахтида ўтказиладиган Марказий Осиё ҳунармандлари кўргазма-ярмаркасида мунтазам иштирок этиб келмоқда. Қўшни мамлакат шаҳарларидаги бадиий галереялар ва музейларда машҳур ўзбек рассомларининг кўргазмалари намойиш қилинмоқда. Ўзбекистон мусиқа ва театр жамоаларининг Қозоғистонга гастроллари ташкил этилмоқда. Ўзбекистон кинематографчилари ўз фильмлари билан Қозоғистонда ўтказилаётган кинофестивалларда иштирок этмоқда.
Қозоғистонлик санъаткорлар Ўзбекистонда ўтадиган халқаро мусиқа фестивалларининг ҳамда мамлакатимизда ташкил қилинадиган бошқа кўплаб йирик маданий тадбирларнинг доимий ва фаол қатнашчиларидир. Куни кеча Термизда бўлиб ўтган Халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида ўтказилган кўрик-танловнинг бош совринини Қозоғистон вакили Улжан Байбусинова қўлга киритди.

 

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА

O‘xshash maqolalar

FIKR BILDIRISH

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan