Аҳоли муаммолари тез ва осон ҳал бўлмоқдами?

“Муаммоим ҳал бўлармикан, сарсон бўлиб юрмасмиканман” деган минг бир ўй билан бирор идорага мурожаат қилаётган аксарият фуқароларнинг муаммолари бугун тез ва осон ҳал бўлаётганидан аҳоли беҳад мамнун.
Президентимиз ташаббуси билан давлат ташкилотларида аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг самарали тизими жорий этилгани мавжуд муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш имконини бериб, юртдошларимизнинг давлатга, Президентимизга бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.
– Мустақиллик кўчасидаги пиёдалар йўлакчасини ноқонуний савдо қилаётганлар эгаллаб олган эди, – дейди Марҳамат тумани Гулистон маҳалласида яшовчи Зумрадхон Мамадалиева. – Бу тартибсизликка барҳам берилишини сўраб, мурожаат билан чиққан эдик. Мурожаатимиз эътиборсиз қолмади. Ушбу ҳолат юзасидан Марҳамат тумани давлат солиқ инспекцияси ходимлари йўлакчани ўзиники қилиб олган сохта тадбикорлардан тозалаб, пиёдаларнинг эркин ҳаракатланишига шароит яратиб берди.
Солиқ идораси ходимлари томонидан ноқонуний савдо қилувчилар билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, огоҳлантиришлар берилди. Белгиланган жойларда давлат рўйхатидан ўтган ҳолда иш юритишлари зарурлиги тушунтирилиб, фаолиятларини қонунийлаштиришга кўмаклашилди.
– Онам Маҳфузахон Рўзиева Булоқбоши Иқтисодиёт ва енгил саноат касб-ҳунар коллежида фаррош бўлиб ишлайди, – дейди Шаҳноза Намаева. – Унинг ойлик маошидан ер солиғи учун ортиқча 170 минг сўм пул ўтказилган экан. Бу ҳақда солиқ идорасига мурожаат қилган эдим. Солиқ идораси ходимлари ушбу масалани тезда ҳал этиб берди. Ортиқча тўланган пул қайтарилди.
Андижон вилояти давлат солиқ бошқармасига жорий йилнинг биринчи чорагида қилинган 222 та мурожаатнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.
– Ҳеч ким ўз-ўзидан бирор-бир ташкилотга мурожаат қилмайди, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси шўъба бошлиғи Алиаъзам Абдуллаев. – Нажот излаб, бирор бир муаммога ечим топиш учун келади. Шу боис ҳам солиқ идораларига қилинаётган мурожаатларнинг ҳеч бири эътибордан четда қолаётгани йўқ. Жумладан, уч ой мобайнида келиб тушган 222 мурожаатнинг 171 таси қаноатлантирилди. Еттитасига тушунтиришлар берилган бўлса, қолганларига ижобий ечим топиш масаласи қўйилиб, тегишли ташкилотларга юборилди.
Солиқ идораси мутахассислари мурожаатлар бўйича ишлаш билан бирга, мурожаат қилувчиларга солиқ тизимидаги ўзгаришлар, янги солиқ Концепциясининг мазмун-моҳияти ҳамда унда белгиланган афзалликлар хусусида тушунчалар бермоқда.
Ф.Убайдуллаев, ЎзА

O‘xshash maqolalar

FIKR BILDIRISH

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan