Сўлим боғга яна бир туп ниҳол қадалди. Бу мудофаа вазири ва мактаб ўқувчиси эккан кўчат

Кеча, 2 апрель куни Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов Тошкентнинг Олмазор туманидаги 100-, 102- ва 106-сон мактаб-интернатида бўлиб, ўқувчилар учун китоблар жамланмасини тақдим этди.
Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати ЎзАга маълум қилди.
Кун аввалида ҳар учала мактабда ҳам Мудофаа вазирлигининг 600 дан ортиқ ҳарбий хизматчилари иштирокида “Меҳр улашиб” шиори остида хайрия ҳашари уюштирилди. Халқимизнинг «ҳашар – элга ярашар», деган ибратли нақлини Ватан ҳимоячилари ҳам бир эл бўлиб ҳаётда қайта исбот этишди. Мактаблар боғига экилган дарахтлар оқланди, таги юмшатилди, анвойи гуллар экилди, манзарали ўсимликларга қайта ишлов берилди. Ер сатҳида кўриниб турган эски дарахт кундалари олиниб, уларнинг ўрнига янги мевали ва манзарали кўчатлар ўтқазилди.
Имконияти чекланган болалар тарбияланадиган бу масканда ҳамма ўз вазифасини бекаму кўст, сидқидилдан адо этар экан, беихтиёр кўнглида бир эзгулик нури барқ ураётганини ҳис этади.
+IMG_6583.jpg
– Мактаб боғи ва ҳовлисида йиғилиб қолган анча ишимиз бор эди, – дейди Олмазор туманидаги 100-сонли мия фалажи ва таянч ҳаракат тизимида нуқсони бўлган болалар мактаб-интернати директори Тоҳир Матёқубов. – Ҳарбийларимиз барака топишсин, эрта тонгдан келиб, ҳамма ёқни обод этишди. Анча пайтдан бери мана ишларга ҳеч вақт ажратолмаётган эдик. Бугун ҳарбий хизматчилар чинакам маънода юртдошларимизга ҳар жабҳада ўрнак бўлишаётганини исботлади. Кўз ўнгимизда бўлаётган бу ишларни кузатиб яна бир нарсага амин бўлдим: юрт посбонлари ҳар бир ишни чин юракдан бажарар экан, натижасидан кўнгиллар ёришади. Биласиз, бу ер кўнгли ярим, аммо орзу-мақсади олам-олам бўлган мурғак болалар маскани.
… Мактаб-интернатга кириб келаётган мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов боғда ҳарбий хизматчилар билан бирга кўчат ўтқазаётган ўқувчиларни кўриб, йўлни боғ томон бурди. Ўсиб-униб, ширин-ширин мевалар бераман, деб турган янги дарахт кўчатини тутиб турган ўқувчи билан биргаликда бу сўлим боғга яна бир туп ниҳол қадалди. Бу мудофаа вазири ва мактаб ўқувчиси эккан кўчат!
IMG_6389.JPG
Шундан сўнг мактаб-интернат ўқувчилари томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари намойиш этилди, шеър ва қўшиқлар тингланди, гўзал рақслар томошаси эса кўнгилларга ором бахш этди. Айниқса, гапириш ва эшитиш қобилияти заиф ўқувчилар томонидан тайёрланган мусиқали саҳна кўриниши беихтиёр кўзларга ёш қалқтирди.
Мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов ўқувчиларга китоблар улашар экан, ўзининг эзгу ва самимий тилакларини ҳам билдириб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбоновнинг энг севимли 3 китоби рўйхатидан Амир Темурнинг «Темур тузуклари», Эрих Мария Ремаркнинг «Уч оғайни» ва Габриэль Гарсия Маркеснинг «Ёлғизликнинг юз йили» китоблари жой олган эди.
ЎзА

O‘xshash maqolalar

FIKR BILDIRISH

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan