Юзлаб шаҳарлар қоронғулик оғушида қолди

Гонконг, Нью-Йорк, Москва, Париж, Рио-де-Жанейро, Сидней – шанбадан якшанбага ўтар кечаси бу шаҳарларда чироқ ўчди. Жаҳон бўйлаб ўтказилган “Ер соати” туфайли юзлаб шаҳарлар қоронғулик оғушида бўлди. Экология муаммосига эътибор қаратиш мақсадида миллионлаб одамлар 60 дақиқа чироқларини ўчириб қўйишди. Хабарларга қараганда бу йил жаҳоннинг 180та мамлакати бу акцияга қўшилган. 
Бир соат мобайнида Эйфел минораси, Қизил майдон, Биг-Бен, Колизей, Акрополь каби кўплаб диққатга сазовор жойлар ёритилмади. Ҳар йили март ойи сўнггида сайёрамизда “Ер соати” (Earth Hour) деб номланган тадбир ўтказилади. Бир қатор йирик шаҳарларда 60 дақиқа мобайнида чироқлар ўчирилади. Одамлар ҳам уйларидаги электр асбобларидан фойдаланишмайди. Шу тариқа Жаҳон Ёввойи табиат жамғармаси (WWF) сайёрамиз аҳолиси эътиборини глобал иқлим ўзгаришлари муаммосига қаратади. Бу тадбир илк бор 2007 йилда Австралияда The Sydney Morning Herald нашри билан ҳамкорликда ўтказилган эди. Орадан бир йил ўтиб ташаббусни бошқа мамлакатлар ҳам қўллаб-қувватлади.
Ўша йили 35 мамлакатдаги 400дан ортиқ шаҳарда “Ер соати” ўтказилди. Жаҳонга машҳур тарихий ёдгорликларда, жумладан Нью-Йоркдаги Эмпайр-стейт-билдинг, Чикагодаги Уиллис-тауэр, Сан-Францискодаги “Олтин дарвоза” кўприги, Атлантадаги Банк Американ-Плаза, Австралиядаги Сидней опера театри, Римдаги Колизей, Стокгольм Қироллик саройи (Швеция), Лондондаги Сити-Холли, Сиэтлдаги Спейс Нидл, Торонтодаги CN Tower (Канада), Париждаги Эйфел минорасида чироқлар ўчирилган эди. 2009 йилда эса инсоният тарихидаги энг оламшумул экологик тадбирга айланди. Шу йили тадбирда 74 мамлакат ва 377 шаҳар қатнашди. 2010 йилда Ер соати 27 мартда бўлиб ўтди. 107та мамлакат ва 1600 шаҳарда ўтказилган тадбир иштирок этувчилар бўйича рекорд ўрнатди. Мақсад барча-барчани – хусусий шахслар, ташкилотлар, мактаблар, тижорат муассасаларини электр манбаидан тежамли фойдаланишга чақиришдан иборатдир. Бугунги кунда “Ер соати” энг оммавий экологик тадбир бўлиб, ҳар йили 2 миллиарддан ортиқ киши иштирок этади. Тадбир 180дан ортиқ мамлакат ва 7 мингдан кўпроқ шаҳарни қамраб олади.
Сир эмаски, электр энергиясини ишлаб чиқаришда қайта тикланмайдиган ресурслар – кўмир, газ ва нефтдан фойдаланилади. Бу ўз навбатида атмосферага заҳарли газларнинг чиқишига сабаб бўлади. Заҳарли газлар эса атмосферанинг қуйи қатламида ҳарорат кўтарилишига олиб келади. Йил сайин инсоният кўпдан кўп энергия истеъмол қилмоқда. Бу ўз навбатида табиатнинг ифлосланишга сабаб бўляпти. Атроф-муҳитни ифлосланишдан асрашнинг энг оддий усули электр энергиясидан самарали фойдаланишдир. Шу сабаб йирик шаҳарлар аҳолисига бир қатор тавсиялар берилади. Жумладан, энергия тежовчи камида 20 йил фойдаланиш мумкин бўлган лампалардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ экани айтилади. LED ( светодиод, инглизча light-emitting diode) лампочкаларига ҳозирги лампаларга қараганда 85% кам энергия сарфланади.
Шаҳарда сайр қилувчиларнинг кўпроқ жамоат транспортидан фойдаланишлари ёки пиёда юришлари борасида маслаҳат берилади. Бугунги кунда йирик мегаполисларда заҳарли газларнинг ҳавога чиқишини камайтириш мақсадида электромобиллардан фойдаланиш йўлга қўйилмоқда. Инсоният нефт ва газ захиралари мангу эмаслигини англаб етди. Шу сабабли бир қатор мамлакатларда самарали бўлиш билан бирга экологик тоза бўлган муқобил энергияга мурожаат қилинмоқда.
Таҳлилчилар яқин 30-50 йил мобайнида шаҳар транспорти тўлалигича муқобил энергияга ўтишини таъкидлашади. Биз атом энергиясидан қанчалик хавотир олмайлик, қачонлардир термоядро синтезли двигателлар пайдо бўлиши аниқ. Бундан ташқари водород ёқилғисида ишловчи автомобиль яратиш устида иш олиб борилмоқда.
Шу ўринда сувни тежаш ҳам долзарб масалалардан биридир. Биз ҳар куни сувдан фойдаланар эканмиз, оби-ҳаётнинг кун сайин камайиб бораётганини ҳаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Бугунги кунда ер юзида бир миллиарддан ортиқ киши ичимлик сувига эҳтиёж сезмоқда. Бироқ, айрим таҳлилчилар, “Ер соати” самарасиз эканини айтишади. Масалан, ташкилотчилар физика қонунларини билмасликлари айтилади. Чунки, чироқлар ўчирилгани билан электроэнергиясини ишлаб чиқариш давом этаверишини унутиш керак эмас. Электр станцияларидаги турбиналар бир соат ҳам тўхтамаслиги аниқ. Электроэнергияни захирада ушлаб туришнинг ҳам имкони йўқ. Шундай экан атмосферага заҳарли газ чиқиши давом этаверади, деган фикр ҳам бор.
Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА

O‘xshash maqolalar

FIKR BILDIRISH

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan