Репродуктив саломатликни асраш – соғлом турмуш гарови

Оила пойдеворининг мустаҳкам бўлиши жамият ижтимоий соғломлигига ҳам таъсир кўрсатади. Шунинг учун энг аввало, оилада соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш лозим.
Шу мақсадда жорий йилнинг 11 март куни “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.
Таъкидлаш лозимки, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш кенг жамоатчиликнинг жиддий ёндашувини талаб қилади. Биринчи галда репродуктив саломатлик нима эканини яхши англаб олмоқ лозим.
Репродуктив саломатлик инсон учун энг муҳим омилларидан бири бўлиб, унинг жисмоний, ақлий саломатлиги, шунингдек, ижтимоий ҳаётдаги муваффақиятлари ҳамдир.
Репродуктив давр – бу инсоннинг ўзидан насл қолдиришга қобилиятли бўлган пайти ҳисобланади Репродуктив ҳуқуқ эса барча эр-хотин жуфтликлар ва алоҳида шахсларнинг болалар сони, улар орасидаги оралиқ ва уларнинг туғилиш вақти ҳақида эркин ҳамда тўлиқ масъулият ҳисси билан қарор қабул қилиши, бунинг учун шарт бўлган маълумот ва воситаларга эгалик қилиш борасидаги асосий ҳуқуқларни тан олишидир.
Қабул қилинган қонунга мувофиқ, фуқаролар хавфсиз ва самарали репродуктив технологиялардан фойдаланган ҳолда фарзандларининг туғилиши хусусида мустақил қарорлар қабул қилиш, ўзининг репродуктив саломатлиги тўғрисида ишончли ва тўлиқ ахборот олиш, туғилишни тартибга солишнинг хавфсиз усулларидан ҳамда контрацепциядан фойдаланишни назарда тутади. Бундан ташқари, ҳужжатда тиббий-профилактика хизматларидан фойдаланиш ва соғлиққа хавф солувчи воситалардан, шу жумладан, илмий тажрибалар қўлланилишидан ҳимояланиш, ўз репродуктив ҳуқуқларини амалга ошириш чоғида тиббий-ижтимоий, шунингдек, психологик ёрдам олиш, ёрдамчи репродуктив технологиялардан фойдаланиш каби ҳуқуқларга эгалиги белгилаб қўйилди.
Қонунда фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш бўйича профилактика чора-тадбирлари, контрацепциядан фойдаланиш, ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масалалари қайд этилган. Жумладан, қонуннинг 15-моддасида ёрдамчи репродуктив технологиялардан фойдаланиш тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра, улар уруғлантиришнинг айрим ёки барча босқичлари аёлнинг организмидан ташқарида амалга ошириладиган ҳомиладорликка эришишга қаратилган тиббий технологиялар, даволаш усуллари ва муолажаларидан иборатдир. Ушбу технологиялардан фойдаланиш тартиби Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади. Ёрдамчи репродуктив технологиялар қўлланилганда репродуктив саломатликни сақлаш соҳасидаги барча хизматлар шифокорлик сирини сақлаган ҳолда кўрсатилиши ва ахборот махфий сақланиши қонун асосида мустаҳкамлаб қўйилган.
Ирода Қаҳҳорова, ЎзА

O‘xshash maqolalar

FIKR BILDIRISH

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan