Kun.uz ёритганидан сўнг: Насиба Чориевага уй қуриб берилди

Қашқадарё вилояти, Нишон тумани, Жума қишлоғида ўта оғир шароитда кун кечираётган Насиба Чориевага отасидан мерос қолган ер майдонида барча шароитларга эга ҳовли қуриб берилди. Ниҳоят, у ва укаси ўз уйларига эга бўлишди. 2018 йил 22 октябрида «Орамизда шундайлар бор, уларни ҳазрати Инсон дейишади» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Унда, моддий имконияти чекланган, ота-онадан етим қолган, ногирон укаси билан қишлоқдаги дала шийпонида оғир шароитда яшаб келаётгани хусусида ҳикоя қилинганди. 2 февраль куни Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан барпо этилган уй калитлари Насиба Чориева ва унинг укасига топширилди, деб хабар қилмоқда вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Уларга Нишон туманидаги Нишон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан янги, барча қулайликларга эга бўлган уй қурилган.

Маълум қилинишича, аввал шу жойда ўзларининг уйлари бўлган. Аммо ваҳмак сабабли қулаб тушган. Насиба 2-гуруҳ ногирони бўлган укаси Баҳриддинга қаровчи кераклиги боис, турмушга чиқиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган.

«Президентимизга минг раҳмат, – дейди Насиба. – Мана, барча шароитларга эга уйга кўчиб ўтдик. Бундан ўзимда йўқ хурсандман. Худо хоҳласа, бундай ғамхўрликка ўзимнинг меҳнатим билан муносиб жавоб бермоқчиман».

Насиба ва укаси янги уйга кўчиб ўтиши муносабати билан маҳалла аҳли совға-саломлар билан «қутлуғ бўлсин»га чиқишди, дейилади хабарда.

«Маҳалла аҳлининг қувончига қувонч қўшилсин деб, яна бир хайрли ишни бошлаш арафасида турибмиз. Насиб этса, баҳорга чиқиб, Баҳриддиннинг никоҳ тўйини ўтказмоқчимиз. Келин топдик. Тараддудни бошлаб юборганмиз», – дейди маҳалла раиси Музаффар Туропов.

Manba: KUN.UZ

O‘xshash maqolalar

FIKR BILDIRISH

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan