Ўқитувчиларнинг маошига уланган «қувурлар» қачон олиб ташланади?

Сўнгги йилларда бюджетдан маош олиб ишлайдиган соҳа ишчи-ходимларининг елкасига жуда оғир юклар ортилганига кўп гувоҳ бўлганмиз. Улар мажбурий обуна кўринишида матбуотни, мажбурий меҳнат кўринишида пахта йиғим-терим кампаниясини, темир-терсак тўплаб, оғир саноатни, макулатура йиғиб, енгил саноатни «судраб» келишаётганди. Бундай ҳолатга чек қўйиш мақсадида ҳукумат томонидан кўплаб қатъий чора-тадбирлар кўрилди, қонунлар қабул қилинди.

Афсуски, вазият ҳалигача ўзгармаган.

Ҳали ҳам турли хил жамият ва ташкилотлар бюджетдан маош олиб ишловчи ишчи-ходимлар маошига, уларнинг пешона тери эвазига топган маблағига кўз тикмоқда. «Бюджетчилар» нафақат ўз оиласи, ўз фарзандларини, балки мана шундай соҳаларни ҳам «боқиш»га мажбурлиги ачинарли ҳол.

Хоразм вилояти, Урганч шаҳридаги умумтаълим ўрта мактабларининг ишчилари, педагог ходимлари маошидан (диққат!) Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси ва Қизил ярим ой жамияти учун пул ушлаб қолингани аниқланди.

Вазиятга ойдинлик киритиш учун Урганч шаҳар Халқ таълими бошқармасидан изоҳ сўрадик, бухгалтерия бўлимида ҳужжатлар билан танишдик. Натижада, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига ҳар ойда (!) энг кам иш ҳақининг 2 фоизи миқдорида (4 055 сўм) ва Қизил ярим ой жамияти учун энг кам иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида (10 136 сўм) бир марталик маблағ ушлаб қолингани маълум бўлди.

Ҳужжатларга кўра, бу тадбир шаҳар ҳокимлигининг тавсияси (эсда тутайлик) ва ушбу ташкилотларнинг илтимосномасига асосан ташкил қилинган. Шундан сўнг, барча мактабларда бу мавзуларда йиғилиш ўтказилиб, ҳамма бир овоздан буни маъқуллаган. Баённомалар расмийлаштирилиб, ўқитувчилар, ишчи-ходимларнинг имзоси йиғилган. Ҳа, ҳужжатларга эътироз билдириб бўлмайди.

Аммо бундай мажлисларнинг қандай ўтказилиши, баённомаларнинг қандай расмийлаштирилиши, қарорлар қандай қабул қилинишини соҳа ходимлари жуда яхши билади. Гапнинг лўндасини айтадиган бўлсак, раҳбарнинг таклифи ва тавсияси маъқулланади, унга ҳеч ким эътироз билдирмайди (билдиролмайди ҳам), қарор бир овоздан қабул қилинади.

Урганч шаҳрининг ўзида 3 мингга яқин педагог ходимлар ишлашини инобатга олсак, бунга Хоразм вилояти туманларидаги ўқитувчилар сонини ҳам қўшадиган бўлсак, соҳа ходимларининг маошига «қувурини улаб олган» жамиятлар яхшигина маблағ тўплаб олиши мумкин – «тома-тома кўл бўлур», деган доно аждодларимиз.

Урганч шаҳар ҳокимлиги хатида бу ташкилотларнинг фаолиятини маблағ билан таъминлашда фаол иштирок этиш тавсия қилинган. Ҳа, айнан тавсия! Аммо, тавсия кейинчалик ҳайрон қоларли тарзда кўрсатма ва мажбуриятга айланиб қолиши ҳеч кимга сир эмас.

Шу ўринда, халқ таълими соҳаси ходимларини бундай мажбуриятлардан ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланганини, қарорлар қабул қилинганини эслатиб ўтмоқчимиз.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 17 июль куни умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Унда ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, Халқ таълими вазирлиги тизими ходимларини уларнинг вазифасига кирмайдиган ишларга (тозалаш ишлари, шанбаликлар, ободонлаштириш ишлари, турли йиғилиш ва мажлисларда бўлиш, коммунал хизматлар тўлови ва кўрсаткичларни текшириш билан боғлиқ хизматларга) жалб қилишни тақиқлаш, бундан ташқари, ўқитувчилар маошидан турли мақсадларда (газета ва журналларга мажбурий обуна, аванс коммунал тўловлар, турли тадбирлар чипталарига ва бошқалар) мажбурий равишда олиб қолишни ҳам тақиқлаш ҳақида кўрсатма берилди. Кейинчалик, бу чора-тадбирлар август ойида қабул қилинган «Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорида ҳам ўз аксини топди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 17 июль куни ўтказилган йиғилишни «халқ таълими соҳасида инқилобий ўзгаришларга сабаб бўладиган тарихий воқеа» деб атади. У ўз Facebook саҳифасида шу ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашган эди.

«Бундан буён энди барча давлат идоралари мактаб ва ўқитувчилар фаолиятига халақит қилиши эмас, балки кўмаклашиши керак! Акс ҳолда Президентимиз томонидан белгилаб берилган янги сиёсатга қарши чиққан бўлади!», – деб ёзди у.

Вазирнинг маълум қилишича, президент томонидан берилган шунча топшириқлардан кейин ҳам жойларда халқ таълими тизими ходимларига тазйиқ ўтказиш ҳолатлари кузатилса, Ўзбекистон Республикаси бош прокурорига бундай ҳолатларга жуда қатъий чора кўриш топширилган.

«Шунинг учун барча даражадаги раҳбарлардан Президентимизнинг халқ таълими тизими ходимларини ўз функционал вазифаларидан бошқа ишларга жалб этмаслик бўйича топшириқларини сўзсиз ижросини таъминлашларини кутиб қоламиз», деб ёзган эди Шерзод Шерматов.

Қизиқ, Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш федерацияси ва Қизил ярим ой жамиятининг Халқ таълими вазирлиги ходимлари фаолиятига қандай алоқаси бор экан? Нима учун улар Халқ таълими вазирлиги ходимларини тўплаб, йиғилиш ўтказиши, пул йиғиб олиши керак? Яна қайси ташкилотлар, жамиятлар ўқитувчиларнинг, бюджет соҳаси ходимларининг маошига кўз тикиб, ўз «қувурини улаб олишни» кўзлаяпти? Бундай муаммоларга барҳам беришда нега касаба уюшмалари фаоллик қилмаяпти?

Халқ таълими муассасалари ходимларини моддий рағбатлантиришни ва ижтимоий муҳофаза қилишни яхшилаш, уларнинг самарали ишлаши учун муносиб шароитларни яратиш – ҳукумат томонидан халқ таълими тизимини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.

Энди бу ҳақдаги қарорлар ва фармонларнинг амалда бажарилишини, хусусан, халқ таълими соҳаси ходимларининг ҳуқуқ ва эркинликлари, қадр-қиммати нафақат сўзда, балки амалда ҳам ҳимоя қилинишини истар эдик.

Нурмуҳаммад Саид

O‘xshash maqolalar

FIKR BILDIRISH

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan