2019 йилда давлат харажатларининг ярмидан кўпи иш ҳақига кетади

ТОШКЕНТ (Turon24) – Ўзбекистонда 2019 йилда давлат бюджетидан деярли 57 трлн сўм меҳнат ҳақини тўлашга ажратилади. Бу кейинги йил учун давлат харажатларининг 54 фоизини ташкил қилади. Бу ҳақда “Бюджет фуқаролар учун лойиҳаси” бюллетенида эълон қилинди.

Меҳнат ҳақи учун ажратилган маблағнинг асосий қисмини (75 фоиз – Turon24 изоҳи) ойлик иш ҳақи ташкил қилади. Бундан ташқари, стипендиялар учун 439 млрд маблағ ажратилиши кутилмоқда.

Молия вазири биринчи ўринбосари Дилшод Султоновнинг таъкидлашича, давлат бюджетининг ярмидан кўпи иш ҳақига сарф қилиниши унчалик яхши эмас. Давлат бюджети асосий мақсади ишчиларга ҳақ тўлаш эмас, маблағларни оқилона қайта тақсимлаб, иқтисодиёт ривожини таъминлаш бўлиши керак.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига қараганда, 2018 йилнинг 9 ойида Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 1 684 500 сўмни ташкил қилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22,9 фоизга кўпроқ.

Шунингдек, Вазирлар маҳкамаси энг кам иш ҳақинин 577 минг сўмгача оширмоқчи.

Олдинроқ Дилшод Султонов Ўзбекистонда биринчи тоифадаги 800 мингга яқин ишчи 500 минг атрофида минимал ойлик маош олишини маълум қилган эди.

Қолайверса, вазир ўринбосари йил давомида Ўзбекистонда тиббиёт ходимларининг иш ҳақи қарийб 52 фоиз оширилишини таъкидлаб ўтган эди. 2018 йилнинг 1 декабрида иш ҳақи дастлаб 20 фоиз ошди.

O‘xshash maqolalar

FIKR BILDIRISH

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan