Ўзбекистонда интернетни ривожлантириш учун Япония корпорацияси кредит ажратди

Ўзбекистонда интернетни ривожлантириш учун Япония корпорацияси кредит ажратди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг кўрсатмасига биноан, 2020 йилгача интернет тезлигини камида 10 баробар ошириш ва МДҲ давлатлари даражасига етказиш, шунингдек, мамлакатда телекоммуникация тармоқлари ва ахборот-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида «Магистраль ва кўп тармоқли маълумотлар узатиш тармоғини кенгайтириш» ва «IMS технологиясидан фойланган ҳолда коммуникация марказларини модернизация қилиш» каби лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ушбу лойиҳаларнинг асосий пудратчиси Япониянинг Toyota Tsusho Corporation компанияси эканлигини ҳисобга олган ҳолда, Ўзмиллийбанк томонидан Япониядан етказиб беришни молиялаштириш масаласи ишлаб чиқилди.

Хусусан, 2018 йил 5-декабрда Ўзмиллийбанкнинг бош биносида Sumitomo Mitsui Banking Corporation (SMBC) билан умумий қиймати 100 миллион АҚШ доллари бўлган ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Шартнома Япониянинг етакчи банкларидан бири ҳисобланган SMBC ҳамда ушбу банк фаолият олиб борадиган мамлакатлардан, экспорт-кредит агентликлари суғурта қопламаси асосида, савдо ва юқори технологик ускуналар ва хизматларни етказиб беришни кўзда тутувчи лойиҳаларни молиялаштиришни ўз ичига олади.

Мазкур шартнома SMBC мижозларига Ўзбекистон Республикасида амалга ошириладиган инвестицион лойиҳаларда Ўзмиллийбанк билан биргаликда иштирок этиш имконини беради.

Томонлар шунингдек, япон иенасида клиринг ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш, синдикатлашган лойиҳаларни молиялаш ҳамда техник кўмак кўрсатиш ва ўзаро тажриба алмашиш борасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишувга эришди.

Sumitomo Mitsui Banking Corporation 1876 йилда ташкил топган бўлиб, бугунги кунда Япониянинг ўз активи (1,7 триллион АҚШ доллари), бутун дунё бўйлаб 70 га яқин кенг тармоқли бўлинмалари ва инвестицион банк хизматларининг барча турини тақдим этувчи ҳамда 70 минг ходимлар базасига эгалиги билан йирик молиявий гуруҳларидан бири бўлган Sumitomo Mitsui Financial Group таркибига киради.

O‘xshash maqolalar

FIKR BILDIRISH

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan