Қамашида қиймати қарийб 7 млрд сўмлик спорт мажмуаси қурилмоқда

Қашқадарё вилояти Қамаши туманида қиймати 6 млрд 771 млн сўмга баҳоланган спорт мажмуаси бунёд этилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 июндаги қарори билан тасдиқланган манзилли дастурга кўра, Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан жорий йилда вилоятдаги 3 та объектда қурилиш ва реконструкция ишларини олиб бориш белгиланган.

Жумладан, Қамаши туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида замонавий типдаги спорт мажмуаси бунёд этилиши кўзда тутилган. Объект йил охирига қадар фойдаланишга топширилади. Спорт бино-иншоотларини барпо этиш учун 3 гектарга яқин ер майдони ажратилган.

Мажмуа очиқ спорт майдонини ҳам ўз ичига олади. Унда 90х50 метр ўлчамдаги стадион қурилади. Шунингдек, ядро улоқтириш, қумга сакраш, югуриш майдончалари ҳам мавжуд. Ёпиқ бино-иншоотда ҳам олимпия ўйинларига киритилган кўплаб асосий спорт турлари билан шуғулланишга шароит яратилади.

“Янги мажмуа қурилишида жаҳон талабидан келиб чиқиш, эски намунавий типдан воз кечишга асосий эътибор қаратилган, – деди объект қурилишини амалга ошираётган «Янги иморат» МЧЖ иш юритувчиси Нормурод Суяров. – Мазкур мажмуада келгусида қамашилик болалар ва ўсмирлар 10 дан ортиқ спорт тури билан шуғулланади”.

O‘xshash maqolalar

FIKR BILDIRISH

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan