Ёнғинга қарши техник хизмат кўрсатиш фаолияти лицензияланади

Ҳукумат қарори билан Ёнғинга қарши автоматика воситаларини, қўриқлаш сигнализацияларини, ёнғиндан дарак берувчи ва қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализацияларини лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низом тасдиқланди. 

Низомга мувофиқ, лицензиялаш сувли, газли, кукунли ёнғинни ўчириш қурилмаларини, қўриқлаш сигнализацияларини, ёнғиндан дарак берувчи ва қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш ва ёнғин ҳақида хабар бериш сигнализацияларни лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятга татбиқ этилади.

Низом билан мазкур фаолиятни лицензиялаш Ички ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Лицензия олиш учун талабгор томонидан тақдим этиладиган зарур ҳужжатлар:

• лицензия бериш тўғрисида ариза;

• лицензияловчи орган томонидан ариза кўриб чиқилганлиги учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

• мутахассисларнинг малака таркиби тўғрисида тегишли ҳужжатлар (меҳнат дафтарчасининг, маълумоти ёки махсус тайёргарлиги тўғрисидаги ҳужжатларнинг нусхалари) илова қилинган маълумотлар;

• лицензияланаётган фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техник базанинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар.

Лицензияланадиган фаолиятни амалга оширишда:

• илгари судланган ва қасддан жиноят содир этганлиги учун муддати ўталмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахсларнинг;

• руҳий касалликлар, гиёвандлик, токсикомания, алкоголизм юзасидан ҳисобда турувчи шахсларнинг ишга ёлланишига ёки жалб қилинишига йўл қўйилмайди.

Лицензия берганлик ва унинг амал қилиш муддатини узайтирганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида давлат божи ундирилади.

Автотранспорт воситаларида ўрнатиладиган ёнғинга қарши техник хизмат кўрсатиш фаолияти лицензияланмайди.

O‘xshash maqolalar

FIKR BILDIRISH

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan