Энди боғчаларни ҳам «сирли мижоз» текширади

Мактабгача таълим муассасалари – боғчага боласини берган ота-оналар яхши билади, бу осонликча битадиган иш эмас. Кўпчилик шу жараёнда коррупциявий ҳолатларга, яъни таъмагирликка дуч келади.

Мазкур соҳа бугунги кунда замон талабига мувофиқ фаолият юритиш, тизимда қонунийликни таъминлашга интилиш кучайгани қувонарли. Адлия ва Мактабгача таълим вазирликлари боғчаларда қонунийликни таъминлаш бўйича янги ташаббусни илгари сурди, деб хабар бермоқда«ЎзА».

— Боғчалар фаолиятида ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш, коррупциявий омилларнинг олдини олиш мақсадида Адлия ва Мактабгача таълим вазирликлари қўшма кўрсатма имзолади, — дейди Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Севара Ўринбоева. — Эндиликда, боғчаларда юзага келаётган қонунни бузиш омилларнинг олдини олиш ва бу борада масъул ходимларнинг шахсий масъулиятини ошириш бўйича боғчаларда ўрганишлар ўтказиш учун вазирликлар ҳамда уларнинг қуйи тизимлари ҳамкорлигида ишчи гуруҳлар тузилади.

Ўрганишларда болалар сонининг муассаса қамровига нисбатан ҳолати, уларда овқатланишни ташкил этиш ҳамда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқлиги, боғча ходимларининг меҳнат интизомига риоя қилиши сингари жиҳатларга эътибор берилади.

Ишчи гуруҳлар боғчаларни ўрганиш жараёнида тегишли ҳужжатларни талаб қилиш, аниқланган ҳолат юзасидан масъул ходимларни чақиртириш, улардан тушунтиришлар олиш, зарур ҳолларда мутахассислар жалб қилиш, улар билан биргаликда текшириш ўтказиш, ўрганиш натижалари бўйича айбдор ходимларга чора кўриш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш каби вазифаларини бажаради.

Бундан ташқари, ишчи гуруҳлар томонидан Давлат хизматлари марказлари орқали боғчаларга йўлланмаларни бериш жараёнини ўрганиш мақсадида мунтазам равишда «сирли мижоз» тадбирлари ўтказиб борилади.

Адлия вазирлиги ходимлари Мактабгача таълим вазирлиги раҳбариятини огоҳлантирган ҳолда боғчаларда рейд ўтказиши мумкин.

Боғчаларда қонуний фаолият йўлга қўйилиши жамиятнинг, қолаверса ҳар бир оиланинг саъй-ҳаракатлари ва назоратига боғлиқ. Шунинг учун Адлия вазирлиги барча фуқароларни ушбу эзгу мақсад ва фарзандларимизга муносиб тарбия беришни таъминлаш йўлида ҳамкорликка чақиради. Боғчаларда юз бераётган ноқонуний ҳолатдан хабар топсангиз ишонч телефонларига хабар қилинг.

Эслатиб ўтамиз: Адлия вазирлиги ишонч телефони — 1008; Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бошқармаси — 0-(371)-236-79-24; Мактабгача таълим вазирлигининг ишонч телефони — 0-(371)-215-52-79.

O‘xshash maqolalar

FIKR BILDIRISH

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan