Алиментларни олдиндан тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди

Ҳукумат қарори билан Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб ёзмоқда “Ҳуқуқий ахборот” канали.

Низомга мувофиқ, давлат ижрочиси иш юритувида бўлган ижро ҳужжати бўйича қарздор томонидан ундирувчига алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига кўчмас ёки кўчар мулк ёхуд бошқа қимматли ашё тақдим этилиши мумкин.

Алиментлар суммасини олдиндан тўлаш ёки алиментлар тўлаш мажбурияти бўйича гаров тузиш фақат қарздорнинг алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд бўлмаганда амалга оширилади.

Алимент тўлаш бўйича гаров шартномасининг тузилиши алимент тўловчи шахсга белгиланган Ўзбекистондан чиқишини вақтинча чеклашни олиб ташлаш учун асос ҳисобланади.

Алиментларни олдиндан тўлаш бола вояга етгунига қадар ҳар қандай давр учун амалга оширилади.

Бунинг учун фуқаролик ишлари бўйича судга ариза билан мурожаат этилади.

Аризага Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлими томонидан берилган алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома, шунингдек, давлат ижрочисининг олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблаш тўғрисидаги қарори илова қилинади.

Олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммаси эса тегишли формула бўйича ҳисобланади.

Шунингдек, ушбу қарор билан алиментларни тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш тартиби белгиланиб, унга кўра ҳар қандай мол-мулк гаров предмети бўлиши мумкин экани белгиланди.

Бунда гаров қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз эллик бараваридан кам бўлмаслиги керак.

Алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш тўғрисидаги гаров шартномаси нотариал тартибда тасдиқланади.

O‘xshash maqolalar

FIKR BILDIRISH

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan