Одам савдоси: ҲУЖУМ, ҲОЛАТ, ҲИМОЯ…

Инсон дунёга ҳур бўлиб келади. Унинг эркинлиги ва озодлиги дахлсиз. Чунки, у онгли, тенгҳуқуқли мавжудот. Бироқ сўнгги йилларда мана шу бебаҳо ва дахлсиз ҳуқуққа тажовуз, таъбир жоиз бўлса ҳужумлар кўпаймоқдаки, бу жаҳон ҳамжамиятини ҳақли равишда ташвишлантирмоқда.

Албатта, бундай ҳолатларни биз одам савдоси ва трансмиллий жиноятлар мисолида кўришимиз мумкин. Ривожланаётган ёки иқтисодий жиҳатдан салоҳияти паст давлатлардан турли мақсадларда: текин ишчи кучи сифатида, фоҳишабозлик, инсон танаси органларидан фойдаланиш ва яна бошқалар мисолида замонавий қулликка тортилаётганлар сафи эса миллионлардан ошмоқда? Хўш, бундай тажовузларга сабаб нима? Одам савдоси қачондан пайдо бўлди? Қандай курашилмоқда?

 

ҚУЛЛИКНИНГ ЗАМОНАВИЙ ШАКЛИ

Одам савдоси қулликнинг замонавий шакли бўлиб, XXI асрнинг энг жиддий, глобал муаммоларидан бирига айланди. Шунинг учун ҳам мазкур трансмиллий жиноят бутун инсониятни ташвишга солмоқда. Одам савдоси иқтисодий ривожланган давлатларга ҳам, сиёсий ва иқтисодий ўтиш даврини бошидан кечираётган давлатларга ҳам, урушлар ва қуролли можаролардан жабр чекаётган давлатларга ҳам хосдир. Афсуски, одам савдоси ва қуллик XXI асрда ҳам яшаяпти.

БМТ ва Халқаро миграция ташкилоти экспертларининг расмий маълумотларига кўра мазкур жиноятдан жабрланганлар сони бир неча миллионларни ташкил этмоқда. Дунё давлатларида одам савдоси ва қулликнинг турли хил кўринишларига қарши муттасил кураш олиб борилаётганига қарамай, ушбу трансмиллий жиноятнинг энг мудҳиш, янги кўринишлари, яъни одам (айниқса, болалар) тана аъзолари — трансплантлар билан савдо қилиш жинояти кучаймоқда. Халқаро экспертларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, ҳар йили жаҳонда 2 миллион 700 минг киши одам савдоси қурбонига айла­нади. Ҳар йили 600-800 минг нафар­ аёл ва бола алдов йўли билан чет элларга олиб кетилиб, сотиб юборилади. Айниқса, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизини фоҳишаликка мажбурланаётган аёллар, арзон ишчи кучи сифатида баҳоланаётган ёш болалар­ ташкил этаётгани дунё ҳамжамиятини жиддий ташвишга солмоқда. Ҳозирча бу жиноят тўридан ҳеч қайси мамлакат четда қолаётгани йўқ. Ҳатто Европа давлатлари ҳам одам савдосидан азият чекмоқда. Одам савдосига қарши курашиш бўйича халқаро ташкилотларнинг расмий маълумотларига кўра ҳар йили Ғарб мамлакатларига 200-500 минг киши одам савдоси жинояти қурбони мақомида олиб кирилади. Уларнинг 60 фоизини аёллар, 40 фоизини эркаклар ташкил этади.

 

“ҚУЛЛАР”: УЛАР КИМЛАР?

Жинси, ёши, миллати ва эътиқо­дидан қатъи назар, ҳар бир инсон одам савдосидан жабрланиши мумкин. Ҳеч ким бундан кафолатланма­ган. Аммо кўп ҳолларда ҳаёт даражаси юқори бўлмаган, ёш, ҳаёт тажрибаси кам, яхшини ёмондан ажратолмайдиган кишилар одам савдоси қурбонига айланадилар. Бундан ташқари, одамларнинг ушбу жиноятдан азият чекишига сабаб бўладиган бошқа ҳолатлар ҳам бор­ки, қуйида шуларнинг айримлари ҳақида маълумот бериб ўтамиз:

— асосий иш жойи, даромад, муайян касбга эга эмаслик, ишсизлик, кам таъминланганлик одам савдоси жабрдийдасига айланиш хавфини кучайтиради. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, ишлаётган эркакларга қараганда, иш жойига эга аёлларнинг нисбати пастдир. Яшаш шароити яхши бўлмаган ёш хотин-қизлар одам савдоси жабрдийдасига айланадилар;

— жамиятда маънавиятнинг заиф­лашуви, хулқ-атворнинг инқирози. Яъни реклама, фильм ва клипларда вояга етмаганлар кўпинча ҳирсий объект сифатида намойиш этилмоқда. Бу бора-бора одамлар онгида­ ёш болалар билан ҳирсий алоқалар­ нормал ҳодиса, деган тушунчанинг шаклланишига олиб келади;

— гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, қиморбозлик ва ҳар хил ўйинларга ишқибозлик. Бу тоифадагилар, одатда, таъсирчан бўлишади ва осонгина одам савдоси жабрдийдасига айланишади;

— ёшлар ва ўсмирларнинг орзу-истаклари ва уларни амалга ошириш­ имкониятлари ўртасидаги зиддиятлар. ОАВ, реклама, фильм ва клипларда шоҳона ҳаёт кўп тарғиб қи­линмоқда, бу эса аксарият ёшлар наздида амалга ошмайдиган орзудир. Натижада улар нима қилиб бўлса ҳам пул топиш ва шундай ҳаётга эришиш орзусига берилишади;

— айрим гуруҳларнинг ижтимоий­ яккалангани. Кўпинча меҳрибонлик уйларида ва муҳит бузилган оилаларда вояга етган болалар одам сав­доси қурбонига айланишади. Чунки уларда зарур ижтимоий муҳит ва мададкорлар бўлмайди. Жиноят­чилар қийналиб юрганларнинг ишончига тезда кира олишади ва уларни ёллаб, қул қилиб сотишади;

— ёшлар ва ўсмирларнинг етарлича ахборот ва маълумотга эга эмаслиги. Ёш йигит-қизлар соддадил бўлиб, кўпинча кўтаринки руҳда юришади. Уларнинг аксарияти хориждаги ҳаёт кинолардагидай гўзал эмаслигини, бегона юртда турли хавф-хатарлар ҳам борлигини, тегишли рухсатнома ва шартномаларсиз ноқонуний ишлашга бориш оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини билишмайди. Таъсирда ушлаш усуллари Жиноятчиларнинг асосий мақсади одамларни мажбуран эксплуатация қилиш ва шу орқали мўмай даромад топишдан иборат. Улар ҳар қандай йўл билан «қул»ларини­ ўз таъсирларида ушлаб туришга уринишади. Яъни жабрдийдалари қаршилик кўрсатишини ёки қочиб кетишини исташмайди. Бунинг турли усуллари бўлиб, улар алоҳида ёки биргаликда қўлланади. Қарзга ботириш. Масалан, одам савдоси жабрдийдасидан гўёки йўл, озиқ-овқат, турар-жой ва ҳоказо ха­ражатлари учун тўланган «қарз»ини­ қайтаришни талаб қилишади. Бечо­ра жабрдийда ишлагани сари «қарз» камаймайди, аксинча, кўпайиб бора­веради. Натижада у кучдан қолгани­да ҳам, касал бўлганида ҳам, ҳатто ўлгунича қаттиқ ишлатилади. Яккалаб қўйиш ва ҳужжатларни­ тортиб олиш. Жиноятчилар шахсий­ ҳужжатларини олиб қўйиш билан одам савдоси жабрдийдасига ўз мамлакатига қайтиш ёки бошқа ерга кетиш имконини чеклаб қўйишади. Улар аввалдан «қул»ларининг онги­га ҳамма ерда одамлари борлигини, ҳуқуқ-тартибот органлари ҳам улар тарафидалигини, шикоят қилиш бефойдалигини сингдиришади. Жабрдийдаларнинг қариндошларига зарар етказиш билан қўрқитиш. Жиноятчилар ўз жабрдийдаларининг оила аъзолари ҳақида тўлиқ ахборот йиғишади ва одамлар бўйсунмаса ёки қочиб кетса, яқинларига зарар етказиш билан қўрқитишади.

 

ЧОРАСИ ОДДИЙ

Жиноят қурбони бўлмаслик учун нима қилиш керак? Одам савдоси жиноятининг қурбонига айланмасликнинг имкони борми? Бор, албатта. Мутахассислар амалиётдаги воқеалар, жабрдийдаларнинг кўрсатмалари асосида айрим тавсияларни ишлаб чиқишган. Улар қуйидагилардан иборат:

— тасодифий, таниш-нотаниш кимсаларнинг хорижда ишлаш, ўқиш ёки турмуш ўртоғи топиб, оила қуриш борасидаги шубҳали таклифларига чалғиманг. Ўз ҳужжатларингизни ҳеч кимга ишониб берманг;

— тез, осон ва кўп пул топишга оид таклифлар ҳақиқатдан йироқ, қонуний, ҳалол маош осон ва тез топилмайди, ва, албатта, беҳад катта бўлмайди. Реал фикрлаш керак;

— сизни чет элда ишлашга, ўқишга ёки оила қуришга таклиф қилаётган (иш берувчи, таълим берувчи, никоҳга ёрдамлашувчи, сайёҳлик) фирмаларнинг ва уларнинг воситачилари фаолияти қонуний эканига эътибор беринг. Интернет орқали уларнинг манзиллари ва у ҳақдаги маълумотларни топинг;

— шубҳали, нотаниш одамлардан­ қарз олманг. Борди-ю, қарз олганда­ ҳам, уни олиш ва қайтариш шартларини аввалдан келишиб олинг. Агар сиз хорижда ишлаш ёки ўқишга кетаётган бўлсангиз: — шартномани ташкилотнинг мамлакатингиздаги ваколатли идорасида имзоланг, чет элга боргандан кейин имзолаш таклифига рози бўлманг;

— паспортингиз, йўл чипталарининг нусхаларини олинг ва уларни ҳужжатларнинг аслидан бошқа ерда сақланг. Оила аъзоларингизга, яқинларингизга чет элдаги ишлаш ва яшаш манзилларингиз ҳақида тўлиқ маълумот қолдиринг, чет элга олиб чиқувчи, иш берувчи фирма ёки ташкилотнинг манзили ва телефон рақамларини, раҳбарларининг исм-фамилиялари ва бошқа маълумотларини хабар қилинг. Сафар олдидан ўзингизнинг хавф остида қолганингиз ва мададга муҳтожлигингизни англатадиган сўз ёки иборани­ ўйлаб топинг ва оилангиздагиларга қолдиринг. Шундай қалтис ҳолатлар бўладики (ўғирлик, зўрлик билан ушлаб туриш сингари), оилангиз билан суҳбатингизни жиноятчилар назорат қилиб туради, шунда­ сиз ўша сўз ёки иборани айтганингизда, яқинларингиз сизнинг хавф остида эканингизни билиб олишади. Бу сўз ёки ибора жуда оддий ва жиноятчиларда шубҳа туғдирмайдиган бўлиши лозим.

 

ХУЛОСА ЎРНИДА

Халқимизда андиша ва ишонч кучли. Қариндош уруғи, қўшниси ёки синфдош, сафдошининг гапига ишонади, унга эргашади. Масалани қонуний томонидан кўриб чиқиш ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб қўйиш ёки тегишли жойга мурожаат этишда айнан мана шундай хислатлар йўқ қўймаслиги мумкин. Бироқ, эртага алданиш қолгач эса… Юқорида одам савдосининг ҳужум ва тажовузлари, бугунги ҳолати, қандай жалб этиш усуллари ва ундан қандай ҳимояланиш ҳақида батафсил тўхталиб ўтдик. Хулоса чиқариш ва замонавий қуллик чангалига тушиб қолмаслик эса ўзимизга боғлиқ.

O‘xshash maqolalar

FIKR BILDIRISH

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan