ГИЁҲВАНДЛИК ЎЗ-ЎЗИГА ҚАСДДИР!

 

Одам қачон ўз-ўзига қасд қилади? Қидирсак сабаблар топилади. Аммо лекин, гиёҳвандлик одамзод онгини заҳарловчи ва оқибатда ўз жони билиб-билмай қасд қилувчи, таъбир жоиз бўлса, энг хавфли иллат. Чунки, гиёҳвандликнинг бошланғич “сабаб”лари – кашандалик, ичкилик ва носоғлом турмуш тарзидир. Аввал бошида эътибор қаратилмаган, аҳамиятсиздек туюлган бу сабабларнинг интиҳоси эса даҳшатли ва аянчли бўлишини, яъни гиёҳвандликдек иллатга чалиниш, бу эса давосиз, инсон саломатлиги ва жамият учун ҳам салбий оқибатларга олиб келишини кўплаб мисолларда кўрганмиз, кўраяпмиз. “Аср иллати” номини олган гиёҳвадлик  инсониятни турли кулфатларга гирифтор қилиб, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-ахлоқий ва ҳуқуқий  жиҳатдан ўта хунук ва мудҳиш оқибатларни келтириб чиқаради. Шунинг учун ҳам барчаси юқумли ўлат – вабога қиёсланади. Бу таъриф бежиз эмаслигига гиёҳвандлик балоси мисолида ҳам ишонч ҳосил қилиш мумкин.

 

СОҒЛИКНИНГ БИРИНЧИ РАҚАМЛИ КУШАНДАСИ

Наркотик моддаларга ружу қўйган кишида аввал тажанглик, кайфиятсизлик, хотира сусайиши каби руҳий ўзгаришлар, кейин терлаш, юрак уриши, оғиз қуриши, озиб кетиш, қўл-оёқ қалтираши сингари жисмоний ўзгаришлар ва боғланиб қолишлар рўй беради. Заҳри қотилни вақтида қабул қилмаса, хуморлик синдроми деб аталувчи оғир дардга йўлиқади. Мунтазам истеъмол қилса, ўткир ёки сурункали заҳарланади. Биринчисида жазавага тушиб, бесабаб кулади, гоҳида йиғлайди. Бора-бора гиёҳвандлик моддасига руҳан ва жисмонан муте бўлиб қолади, ҳаёт завқини уларсиз тасаввур қилолмайди.

Сурункали заҳарланишда банги одамнинг  руҳияти ва феъл-атвори тез-тез ўзгариб туради. У тажовузкор, жаҳлдор ва тажанг кимсага айланади, иродаси ва ақлий қобилия­ти сусайиб, хатти-ҳаракатларини назорат қилолмайди. Ўз талабини қондиришни, қийинчиликларга дош беришни эплолмайди. Гўёки биров уни таъқиб қилаётгандай, сал нарсадан хавотирланиб, васвасага берилади.

Дарвоқе, бу иллатни соғликка жиддий зиёни билан биргаликда, жамият учун ҳам ўлатдек хавфи ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз. Чунки, гиёҳвандларнинг аксарияти бу заҳри қотилни топиш учун ҳар қандай пасткашлик ва жиноятдан қайтмайди. Оқибатда эса гиёҳвандликка чалинган одам яқинлари, қариндош-уруғлари, дўстлари ва охир-оқибат жамият олдида ўз қадрини, обрў-эътиборини йўқотади. Ўғрилик, талончилик, фирибгарлик каби жиноятлар содир этиш асносида хавфли жиноятчилар сафига киради. Бу эса ҳеч ким учун фойдали эмас.

Улар ота-оналик масъулиятини, фарзандлик бурчини, инсоний қадриятларни, айниқса, меҳр-оқибатни батамом унутадилар, иймон-эътиқоддан айриладилар Ўша ажал уруғини топиб, бир марта хуморидан чиқиш учун ҳеч қандай қабиҳликдан қайтмайдилар. Кези келганда, кийим-кечаклари ва қимматбаҳо зеб-зийнатларини, ҳатто машиналари ва уй-жойларини сотиб юборишдан ҳам тоймайдилар. Қарабсизки, аксариятининг тинч-фаровон ҳаёти зулматга айланади. Гулдай оиласи бузилиб, болалари етим қолади. Ўзи эса ё бошқаларни қон қақшатиб қамалиб кетади, ё соғлиғини йўқотиб, оламдан бемаврид ўтади.

 

УЛАР МАЪНАН ҚАРИБ БЎЛГАНЛАР…

Шифокорларнинг уқтиришларича, гиёҳвандлар жисмонан ва маънан тез қарийдилар. Айримлари жигаргўшаларини ортиқча ғам-ташвишга қўйганлари етмагандай, уларнинг шаънига доғ туширадилар. Инчунин, кўпчилик нашавандлар билан қуда-анда тутинишни истамайди. Чунки бангилик насл бузилишига, ногирон болалар туғилишига доялик қилиши эҳтимолдан холи эмас. Қолаверса, бундай оила зурриётларида гиёҳванд­ликка мойиллик  бўлади. Улар келгусида отаси ёки онаси кори бадини давом эттирмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Эҳтимол шундандир, бизнинг замонамизда гиёҳвандлик моддаларига оид жиноятларнинг аксарияти ёшлар томонидан содир этилмоқда. Демак, гиёҳвандлик инсонни  таназзулга бошлашдан ташқари, авлодлар келажагини барбод қилади. Ҳаммасиданам даҳшатлиси, миллат генофонди бузилишига, бедаво ва юқумли касалликлар урчишига олиб келади.

 

МУРОСАСИЗ КУРАШИЛМОҚДА

Бинобарин, гиёҳвандлик асримизнинг энг хавфли ва глобал муаммоларидан бири. Шу боис унга қарши кураш халқаро миқёсда кучайтирилиб, соҳадаги ўзаро ҳамкорлик мустаҳкамланаяпти. Афсус, шунга қарамай, курраи заминимизда бу оғуларни истеъмол қилувчилар ва уларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланувчилар тобора кўпайиб боряпти.

Статистик маълумотларига кўра, ҳозир дунё бўйича 500 миллиондан зиёд киши гиёҳвандлик домига илинган. Уларнинг асосий  қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Ҳар йили ҳаётдан кўз юмаётганлари эса 200 мингдан ошади. Ёки айтайлик, 15-64 ёшлилар орасидаги ўлимларнинг 1,3 фоизи гиёҳвандлик касофати ўлароқ рўй бермоқда. Наркобизнес­чилар эса йилига 400 миллиард долларлик даромад орттиришмоқда. Бу олам аҳлининг озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой, таълим тизими ва тиббий хизматга сарфланаётган харажатларидан анча кўп маблағдир.

Ҳозирга қадар мамлакатимизда тақиқланган гиёҳвандлик воситалари рўйхатига қўшимча 80 турдаги янги гиёҳвандлик воситаси киритилди. Эндиликда мамлакатимиз айни йўналишдаги ишларни мавжуд ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда олиб бормоқда. Наркобизнесчи гуруҳларни аниқлаш, уларнинг фаолиятига чек қўйиш, гиёҳвандлик экинларини йўқ қилиш, аҳоли орасида наркоманликнинг олдини олиш юзасидан комплекс чора-тадбирлар ўтказмоқда.

 

ХУЛОСА ЎРНИДА…

Халқимиз орзу-умидли. Албатта, ҳар биримиз катта умид билан фарзанд тарбия этамиз. Аммо, фарзандга фақатгина моддий шарт-шароит яратиб бериш билангина бурчимиз адо этилмайди. Аввало, уларни маънан бақувват этиб вояга етказсаккина, эртага гиёҳвандлик каби иллатлар уларнинг келажагига дахл қила олмайди. Бу эса оила ва жамият ривожи учун тамал тоши демакдир.

O‘xshash maqolalar

FIKR BILDIRISH

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan