Тошкентдаги 210-мактаб директори ишдан олинди. Энди у билан Бош прокуратура шуғулланади

2018 йилнинг 31 август куни Facebook ижтимоий тармоғидаги “Халқ билан мулоқот /Диалог с народом” гуруҳида Тошкент шаҳрида жойлашган 210-сонли умумтаълим мактаби ҳовлисида юк машинаси дарсликларни худди ўтинни ташлаб кетгандай қилиб ташлашгани ҳақида хабар берилган эди.

Халқ таълими вазирлигининг Назорат-ҳуқуқий хизмати ходимлари ушбу ҳолатни ўрганиб чиқдилар ва ўз ишига масъулиятсиз муносабатда бўлган 210-сонли умумтаълим мактаб директори Дилфуза Саидмуродова ўз лавозимидан озод этилди.

Шу билан бирга, Халқ таълими вазирлигининг Facebook ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасига ушбу мактабда ўтказилган таъмирлаш ишлари юзасидан шикоятлар ҳам келиб тушди.

Текширувлар шуни кўрсатдики, 210-сонли умумтаълим мактабида қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширишда 56,5 млн. сўмга яқин ҳақиқатда бажарилмаган иш ҳажмларини қўшиб ёзилгани, шунингдек, эндиликда собиқ мактаб раҳбари ўқув муассасаси биносининг бузилишидан чиққан қурилиш материалларини ва ҳудуддаги дарахтларни ноқонуний кесиб, сотиб юборганлиги ҳолатлари аниқланган.

Текшириш натижасида аниқланган фактлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига қонун доирасида кўриб чиқиш учун юборилди.

O‘xshash maqolalar

FIKR BILDIRISH

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan