Нотариуслар энди якшанба куни ҳам фаолият кўрсатади

Cамарқанд вилоятида нотариусларнинг якшанба куни ҳам фаолият кўрсатиши йўлга қўйилди. Бу ҳақда  вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Акрам Халилов маълум қилмоқда.

Қайд этилишича, нотариал идораларга 2017 йили 4 минг нафар фуқаро мурожаат қилган бўлса, жорий йилнинг ўтган давригача келиб тушган мурожаатлар сони 5 мингдан ошган.

“Кўпчилик учун шанба-якшанба дам олиш куни ҳисобланади. Шу боис одамларга нотариус билан боғлиқ ишларини шу куни амалга ошириш қулай. Қолаверса, машина бозорлари ҳам якшанба куни ишлайди. Сотиб олинган автомобилларни янги эгалари номига шу куннинг ўзига расмийлаштиришга эҳтиёж катта бўлиб келган. Мана шу омилларни инобатга олган ҳолда вилоятдаги нотариуслар навбат асосида якшанба куни ишлашини йўлга қўйдик”, дейди А.Халилов.

Вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг айтишича, илгарилари якшанбада нотариал идоралар фаолият юритмаганига битта муаммо тўсқинлик қилган. Гап шундаки, вилоятдаги тижорат банклари бу кунда молиявий операцияларни амалга оширишмайди. Бироқ эндиликда бундай муаммо бўлмайди. Бу борадаги келишувлар туфайли бундан буён Халқ банкининг тегишли бўлими якшанба куни ҳам ишлайди.

O‘xshash maqolalar

FIKR BILDIRISH

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan